Ходимларни бошқариш
Менинг ходимларим – жавобгарликни ҳис қилишади. (Дам олиш куни кечқурун кафеда уларнинг нима
деётганликларини бир эшитиб кўринг)
Ўртача компаниянинг раҳбаридан унинг ходимлари ҳақида сўрасангиз, ундан стандарт жавобни оласиз – менинг ходимларим яхши. Ҳа, албатта улар айрим вақтларда ҳатога йўқ қўйишади, лекин умуман олганда улар жавобгарликни ҳис қилишади, умумий иш учун куйинишади, компаниянинг ривожланишидан манфаатдорлар.
Аслида эса, шароит бунинг умуман тескариси бўлади. Буни компаниянинг ўзида ўтириб, билиш жуда қийин. Чунки сичқонлар жуда ақлли бўлишади, мушук яқин орда бўлган пайтда улар ўзларини зўр бериб ишлаётгандек кўрсатишади.
Босс офисдан чиқиши билан ҳамма нарса ўзгаради. Секретарка “жонга тегиб кетадиган мижозлар” яна унинг жонига тегмаслиги ва карта ўйинидан чалғитмаслиги учун трубкани олиб, телефоннинг ёнига қўяди. Менежерлар ижтимоий сайтларга кириб, бир-бирларининг расмларига баҳо беришни бошлашади. Ички хизматлар ходимлари чой ичишга ёки чекиб келишга кетишади.
Сир шундаки, 95% ходимларингиз сизнинг бевосита назоратингиз остидагина интизомлидирлар. Корхонанинг келажаги уларни оладиган даромадлари миқдоридагина қизиқтиради. бундан ортиқ эмас.
Албатта, истиснолар учраб туради – ҳақиқатан ҳам актив ва интизомли одамлар бор, лекин улар жуда камчиликни ташкил қилади. Фақат уларга ишониб корхона ташкил қилиш керак эмас.
Бизнесмен ва ходимлар орасидаги муносабатлар
Жуда камчилик бизнесменларгина компания ходимлари ва бизнес эгаси ўртасидаги муносабатлар душманликдан иборатлигини тан олишади. Кўпича ходимлар фирма мақсадларига содиқ, унинг ривожланиши учун хизмат қилиши, ходимлар – “бизнинг дўсларимиз” ва шунга ўхшаш гапларни эшитиш мумкин.
Аслини олганда ушбу муносабатларда бошиданоқ низо яширинган – сиз раҳбар сифатида уларга ўзлари қилишни истаган ва режалаштирган ишларини қилишларига халақит берасиз. Улар иш куни бўйи қилиши шарт бўлган ишларни қилишларига мажбурлаш билан уларнинг режаларини бузасиз. Ҳатто улар ақл билан шундай бўлиши керак ва бу адолатдан эканлигини билсалар ҳам, вақти-вақти билан ҳиссиётлар устун келади ва сиз уларнинг оёғига кирган тикан эканлигингизни айтишади.
Бу сизнинг ходимларингиз ёмон одамлар эканлигини билдирмайди. Уларнинг оиласи, дўстлари, шахсий муаммолари ва кўнгил очишлари билан боғлиқ муаммолари фирманинг вазифаларига қараганда камроқ муҳим деб ҳисоблашингиз соддалик ёки аҳмоқликдир.
Сиз бизнес эгаси сифатида энг кўп ўйлайдиган фикрингиз: “Қандай қилиб кўпроқ пул ишлаб топиш мумкин? Фойдани ошириш учун нима қилиш керак?”
Бу вақтда сизнинг офисингизда ўтирган ходимлар нима ҳақида ва қайси тартибда ўйлашади? Қуйида приоритетнинг пасайиб бориш тартибида берилган тахминий рўйхат:
– Дам олиш кунини қаерда ва қандай ўтказсам экан?
– Болалар нима қилишаётган экан?
– Бугун ишдан кейин қаерда ва ким билан ўтирсам экан?
– Кредитнинг навбатдаги тўлови учун пулни ўз вақтида топа олармиканман?
– Бугун уйга нима сотиб олиб боришим керак эди?
– Ким ким билан ётиб туряпти?
– Менга мукофот беришармикан ёки йўқми?
– Офисда ким билан ва кимга қарши дўстлашишим керак?
– Навбатдаги корпоратив тадбир қачон бўлар экан?
– Бугун ишдан эртароқ кета олармиканман, ё кета олмай қоламанми? – Эртага ўз вақтида келишим шартмикан?
– Корхона қандай қилиб кўпроқ пул ишлаб топиши мумкин?
Ушбу рўйхатни ўқиб чиқиб, айрим бизнесменларнинг жаҳли ҳам чиқади: «Бу нотўғри, менинг ходимларим бундай эмас, улар бизнинг бизнесимизнинг ривожланиши учун жонларини беришади…» Шу ерда тўхтатинг. Албатта, сизга корхонангизнинг тақдири ҳақида қайғурадиган камёб ходими бўлиши мумкин. Лекин, барча ходимларингиз бизнес ҳақида унинг эгасичалик қайғуришади деб ўйлаш энг камида соддаликдан бошқа нарса эмас.
Бу циркдаги отлар бугунги томошага сотилган билетларнинг сони ҳақида қайғуришидай гап. Улар учун қандай яхши шароитлар яратсангиз ҳам уларни, биринчидан, мазали овқат, иккинчидан уларнинг ўзларини еб қўймасликлари, учинчидан қуёшли кунда ўтлоқда шаталоқ отиш қизиқтиради. Энг охирида, онгининг бир чеккасида – бугун қанча билет сотилди деган фикр бўлади. Ҳатто улар ўзларининг яшаш шароитлари шунга боғлиқ эканлигини билсалар ҳам шундай бўлиши аниқ.
Сиз учун бизнес ҳаётингизнинг энг асосий ташкил қилувчисидир. Улар учун эса бундай эмас. Сиз цирк эгасисиз, улар эса – отлардир. Уларнинг нуқтаи назаридан сиз уларнинг бор кучи билан ишлашга мажбур қилиб, уларнинг ҳисобидан бойиб боряпсиз ва бунда уларга шунча оғир ишлари учун арзимаган чақаларни беряпсиз.
Сиз ҳар битта мижоз учун курашасиз, у қониқиш ҳосил қилиши, ўзини сизнинг офисингизда узоқ кутилган меҳмондай ҳис қилиши учун қанча бўлса ҳам вақтингизни сарфлайсиз. Ходимларингиз эса иш куни охирига 10 дақиқа қолганда ҳеч ким келмайди деб ҳисоблашади. Ҳатто кимдир келса ёки қўнғироқ қилса ҳам уни шоширишга ва бир неча дақиқа олдин уйларига ёки дўстлари билан пиво ичишга кетишга шошилишади.
Ҳатто, ходимларингиз фойдадан фоиз оладиган бўлса ҳам, барибир шундай бўлади. Магазин соат 7 да ёпиладиган бўлса ва ҳозир соат 6:59 бўлса ҳам сизнинг чиқиб кетишингизни сўрашади. Бунда сизнинг анча нарса сотиб олишингиз мумкинлиги ва бунда менежернинг ўзи анча пул ишлаб олиши мумкинлиги ҳам муҳим эмас. Шунчаки сизга кўпроқ вақт керак бўлганлиги муҳим бўляпти. Энг яхши ҳолатда сотувчи сининг ёнингизда “қачон сотиб оларкан ёки кетаркан, дўстларим кутиб қолишди” деган башара билан юради.