Жарималар ва мотивация
Кўпчилик компаниялар салбий мотивация сифатида (орқадан қамчилаш) жарималардан фойдаланишади. Лекин унинг ўзига хосликлари мавжуд.
Хайфсан бериш истаган бир ходим учун ҳам ёқимсиздир, лекин унинг адолатли эканлигини ва ўзларининг айбдор эканликларини билишса, уни кўтара олишади.
Кичик штраф (5% гача) – кўпчилик одамларни хафа қилади, лекин қабул қилса бўладиган ҳолат деб қаралади. 10% штраф – бу жиддий хафа бўлишга арзийдиган сабабдир.
Ходимни 20% дан маошининг ярмигача миқдорда жаримага тортадиган бўлсангиз, бу унинг сизнинг корхонангизда ишлаши иштиёқининг умуман йўқолишига олиб келади. Лекин раҳбариятнинг нуқтаи назаридан айнан мана шу жарималар энг катта таъсир кўрсатади ва ундан кичик жарималар аҳамиятга эга эмас деб қаралади (аслида ундай эмас).
Агар жариманинг миқдори ойлик маош миқдорига тенг бўлса, кўпчилик ходимлар кейинчалик таваккал қилмаслик учун ишдан бўшашни афзал билишади. Бу кўпчилик ходимларнинг маошдан маошгача яшашлари ва йиғиб қўйган жамғармалари йўқлигидандир. Бунинг устига кўпчилик ҳозир кредит юкини ҳам кўтаришларига тўғри келмоқда. Уларни катта жаримага тортиш билан сиз уларнинг хавфсизлик ва стабилликка бўлган асосий эҳтиёжларини бузасиз ва минимал яшаш қулайлигини тортиб оласиз. Яъни у кейинги ойликкача тирик қолиш учун кучли зўриқиши, пул топишга уриниши керак бўлади. Кўпинча бундан кейин иш берувчидан хафалик (ўзидан хафа бўлмайдику) сизнинг корхонангизда ишлашнинг барча плюсларини ювиб кетиши мумкин.
Ходимларни катта жарималар билан мотивациялайман деб умуман тескари натижалар олишингиз мумкин. Шунинг учун эҳтиёт бўлинг.
Бунинг устига ходимларни жаримага тортиш жуда хавфли мавзу. Чунки бизда расмий равишда жарима таъқиқланган. Шунинг учун жазо беришнинг хавфсиз ва самарали усули – бу мукофот ва бонуслардан маҳрум қилиш бўлиши мумкин. Яъни ходимга кичкина маош тайинланади ва бу маошга ҳеч қандай жарима солинмайди. Унинг асосий даромади эса мукофот тарзида берилади ва унинг томонидан бирор айб қилинса, уни истаганча камайтиришингиз мумкин бўлади. Бу жаримага қўйилган таъқиқларни айланиб ўтишнинг стандарт амалиётидир.
Муваффақиятли бизнес-тизимлар мавжудки, уларда ҳар ҳафтада қайсидир бир ходимни қилган айблари учун барчанинг кўз ўнгида жазолаш амалга оширилади. Ушбу тадбир бутун корхонанинг иш унумдорлигини оширади. Бу тадбирни ҳафтанинг бошида амалга оширсангиз, таъсири янада кучли бўлади.
Бизнес-жараёнларни ақл билан ташкил қилинса, ҳатто ходимларни оммавий ишдан бўшатиш ҳам бизнесни тўхтатиб қўя олмайди. Microsoft компанияси ҳар йили режага кўра энг кам самарали ходимларнинг маълум фоизини ишдан ҳайдайди.
Агар сиз инсон фактори таъсирида (узоқ вақт сизга ишлаган ва бошқа) бирор ходимни осонгина ишдан бўшата олмасангиз, унга лавозимини пасайтириш ёки маошини камайтиришни таклиф қилишингиз мумкин. Айрим ҳолларда бу унинг ишининг самарадорлигининг ошишига олиб келади.