Бизнинг ходимларимиз ўғирлашмайди.
(Шунчаки ўзларига тегишли нарсани олдим деб ҳисоблашади)
Одатда ходимларини ўғирликда айбланса, кўпчилик бизнесменлар бунга оғир муносабат билдиришади: “Бўлиши мумкин эмас, балки бошқаларнинг ходимлари ўғирлашар, фақат меники эмас”. Агар сизнинг жавобингиз ҳам шундай бўладиган бўлса, сиз ё ҳаддан ташқари соддасиз ёки ҳақиқат билан юзлашишдан қочяпсиз ва бу ҳақиқиат сизни бизнесингизнинг ёқимсиз ва ифлос ички муаммолари билан ишлашингизга мажбур қилади. Агар сизнинг омборда сақлайдиган жисмоний маҳсулотларингиз бўлмаса, моддий бойликларни албатта ўғирлаша олмайди – лекин бошқа масалаларда, кечирасизу, албатта ўғрилик қилишади.
Вақт ўғрилари
Ушбу ўғирлик тури ишониб бўлмайдиган даражадаги масштабларда рўй беради. Бу муаммога ҳудди моддий бойликларни ўғирлагандагидек муносабатда бўлиш керак.
Келинг ҳисоблаб чиқамиз – бир соат ўғирланган вақт сизга қанчага тушади? Бир ходим сизга неча сўмга тушишини ҳисоблаб чиқинг. Бунда унга тўлайдиган ойлигингизни, унинг учун тўлайдиган солиқларингизни, иш жойи учун ижара ҳақини ҳисобланг (масалан, битта ходим 3 м2 жойни эгалласа, офисингизнинг умумий ижара ҳақидан ҳисоблаб топасиз). Бунинг устига интернет, телефон, электр энергияси, бошқа коммунал тўловларни ҳам қўшинг.
Шундай қилиб, 1 млн. сўм ойлик оладиган ходимингиз сизга 1,5 – 1,7 млн. сўмга тушади. Унинг 1 соат вақти қанча туришини ҳисоблаб кўрамиз: 1 700 000/200 = 8 500 сўм (200 – бир ойда 25 иш куни бўлади деб олгандаги тахминий иш соатлари).
Хулоса шуки, ходимингиз ўзи қилиши керак бўлган ишни қилмаган ҳар бир соатда сиздан 8500 сўмни ўғрилаётган экан! Бу ҳеч нима эмас демоқчимисиз? Балки 8500 кичик суммадир, лекин улар қўшилиб бораверса, астрономик сумма ҳосил бўлиши мумкин.
Ўртача ходим саккиз соатлик иш кунида қуйидагиларни олиб ташласа: – чекиш учун танаффусларни;
– чой ичишларни;
– дўстлари ва ҳамкасблари билан мулоқотларни;
– ишга тааллуқли бўлмаган ёзишмаларни;
– дўстларига откритка ва табрикларни юборишларни;
– интернет кавлашларни;
– чатда ўтиришларни;
– online-ўйинларни;
— карта ўйинларини;
– танишиш сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги расмларни кўришларни (“Одноклассники”, “Вконтакте”, Facebook);
– турли клип ва киноларни кўришларни, мусиқа тинглашларни.
Энг яхши ҳолатда ҳам 2-3 соат чиқади. Яхши ишлайдиган ходимларда бу рақам 4 га тенг бўлиши мумкин. Бир кунда битта ходим сизнинг 40 мингдан зиёд пулингизни ўғирлаяпти!!! Барча ходимларингизнинг бир кунда сиздан ўғрилайдиган пулини ҳисоблайдиган бўлсангиз, тинч ўтира олмай қолишингиз турган гап! Унда бир ойдагисини ҳисобласангиз нима бўлади? Агар бу сизнинг бизнесингиз ҳақида эмас деб ҳисоблайдиган бўлсангиз, хато қиласиз. Буни билмоқчи бўлсангиз, интернет трафиги ҳисоботини кўринг ёки браузерларнинг тарихини кўринг, ким қаерга кирганини кўрасиз. Танишингиздан сизнинг офисингиз/магазинингизга мижоз қиёфасида киришни ва кейин кўрганларини айтиб беришни сўранг. Мижозларнинг қўнғироқларига қанчалик тез жавоб беришяпти (кўпинча трубкани олиб телефон ёнига қўйишади), ким иш билан шуғулланяпти, ким шунчаки турибди, дўстлари ёки ҳамкасблари билан валақлашяпти, ким компьютерда ўйин ўйнаяпти ва бошқалар.
Ходимларга “катта оға”лари уларни кузатаётганлигини сингдириш яхши ёрдам беради. Умумий йиғилишда трафик бўйича ҳисоботни кўрсатинг, ким қаерга кирганини муҳокама қилинг, видеокамералар ўрнатинг (уларни ҳатто қўшиш ҳам керак эмас, шунчаки уларнинг мавжудлиги интизомни кучайтиради).
Кўпинча ходимларнинг жаҳллари чиқа бошлайди – бизнинг шахсий ҳаётимиз нима бўлади? Ишда шахсий ҳаёт бўлиши мумкин эмас! Бу уларнинг сиз буюрган ишни бажаришлари учун сиз пул тўлайдиган вақтдир. Сиз интернет, телефон, ижара ва бошқаларни тўлаяпсиз. Яна бир марта ўйлаб кўринг – одамларга улар қилмаган иши учун пул тўлашга тайёрмисиз? Бунга сифат стандартлари талабларига, мижознинг талабларига жавоб бермайдиган, ўз вақтида бажарилмаган ишлар учун тўланадиган пулларни ҳам қўшинг. Сизнинг чўнтагингиздан қанчалик пул чиқадиган бўлса ҳам, у барибир ҳаддан ташқари кўп бўлади.
Бундан ташқари…
Ходимлар ишхонанинг принтерида шахсий ҳужжатларини ва ҳатто интернетдан кўчириб олган китобларини чиқаришни ҳам нормал ҳолат деб билишади. Уйларига ручка, канцелярия моллари ва ҳатто хожатхона қоғозини ҳам олиб кетишади! Агар офисингизда ошхона бўладиган бўлса, олиш мумкин бўлган ҳар қандай майда нарсани ҳам албатта олиб кетишади. Бу ходимнинг нуқтаи назаридан қандай содир бўлишини билисизми? – Офисда олдин сотиб олинган бир неча пачка қоғоз ётибди. Бир пачка қоғоз нима дегани?
– Магазинда бир яшик шоколад бор. Ярим кило олсам нима қилибди? – Мен кун бўйи офисда эшшакдай ишлайман. Тонг отмасдан келаман ва кунни ботириб кетаман. Бу аблаҳ эса (хўжайин) бу вақтда дам олади, санаторийларда юради, дўстлари билан кўнгилхушлик қилади. Мен буларни ҳеч қачон кўра олмасам керак. Бу мижғов менинг ойлигимни ҳам оширмаяпти… мен буни олишга ҳаққим бор …
– Офисда ҳамма буни қиляпти. Нимага мен қилмаслигим керак? – Унинг пули кўп, яна биттани сотиб олади…
Фикрлаш тарзи қандай бўлишини билиб олдингиз деб ўйлайман. Энг ёмони сиз бундай фикрлар пайдо бўлишининг олдини ола олмайсиз. Улар ҳамиша бўлади! Сиз фақат битта нарсага таъсир кўрсатишингиз мумкин: ўғрининг қўлга тушмасдан кета олишига ишончига.
Сиз ҳеч қачон ўғрилик ҳолатларига кўз юммаслигингиз керак. Агар ўғрилар сизнинг фойдангизни олиб кетишаётганини кўриб ҳурсанд бўлмасангиз, албатта.
Ички ўғрилик
Компаниянинг ичидаги ўғрилик билан курашиш жуда мураккаб. Пул оқими бор жойда албатта ўз бўлагини кесиб олишни истовчилар топилади. Бу сотиб олишда, омборхонада ва сотувда ҳам содир бўлиши мумкин.
Компаниянинг бизнес-жараёнлари фирмани ўғрилик ҳолатларидан сақлаши керак. Лекин бирорта усул ҳам ўғирликдан 100 фоизлик кафолат бера олмайди.
Доимий равишда ички хавфсизлик аудитини ўтказиб туриш керак. Бунда сиз томондан ёлланган киши харидор кўринишида келиб, ходимларнинг ҳар бирига шахсий мақсадда хизмат вазифаларини бузишларига таклиф қилиши керак.
Муваффақиятнинг ҳақиқий қоидаси: агар компаниянгизда 10 тадан ортиқ киши ишлаётган бўлса, у ерда ўғирлик маълум даражада гулламоқда. Назоратни оширинг. Мушук сичқонларни ўз ҳолига қўйиб қўйиши керак эмас.