Аста-секин таназзул
Агар сизда аниқ назорат қилиш ва жазолаш тизими бўлмаса, аста-секин ходимларнинг ўзини тутиши ёмонлаша боради. Масалан, бирор ходим ҳар куни ишга бир неча дақиқа кеч қолади ва раҳбар бунга эътибор бермайди. Аста-секинлик билан бу ходим бошқаларни ҳам ўзига эргаштира бошлайди. Улар ҳам ўзини бундай тутиш мумкин экан деб ҳисоблай бошлашади. Ишга тасодифан кеч қолишлар кўпая боради ва охирида одатга айланади. Исқирт ва пала-партиш кийиниш онда-сондадан аста-секинлик билан кундалик нормага айланиб қолади.
Вақтида қилинмаган ва кечиктирилган ишлар олдинига камдан-кам учраса, вақти келиб бу оддий нарсага айланиб қолади ва корхона ўз ёғида ўзи қоврилиб ётаверади.
Агар сиз қабул қилиш мумкин бўлмаган нарсага кўз юмсангиз, унинг кундалик ҳолатга айланиши фақат вақт масаласидир.
Муваффақиятнинг ҳақиқий қоидаси: сиз ишга оладиган кишиларнинг 95 %и назорат қилишларига эҳтиёжи бор кишилардир.
Яхши корхона ходимларни ижобий мотивлашга асосланади. (Уларга пряникни кўрсатаётиб қамчини ҳам эсдан чиқарманг)
Агар мотивация ҳақидаги халқаро тренерларнинг китобларини ўқисангиз, одамларни ғояга, компаниянинг миссиясига ишонтирсангиз, завқ-шавқни юқтирсангиз, уёғига ишлар ҳудди мой устида кетгандек кетаверади деган тасаввур пайдо бўлади. Ходимларнинг ўзлари мижозлар билан мулойим муносабатда бўлиш кераклигини англашади, ўзлари вазифаларига масъулият билан муносабатда бўлишади, ўз манфаатларини корпоратив манфаатлардан устун қўйишмайди ва ҳ.к. Умуман олганда, ходимларга улар билан биргаликда қурадиган ёрқин келажакни кўрсатсангиз бўлди, шунинг ўзи энг яхши мотивация деб ўйлай бошлайсиз.
Лекин бу иш бермайди! Сизни ишонтириб айтаманки, кўпчилик ходимларингиз учун ижобий мотивация (пряник) умуман етарли эмас. Ўз вазифаларини бажармаганлиги учун жазолайдиган салбий мотивациясиз (қамчисиз) тез орада бекорчилик ва хаос бутунлай корхонангизни қамраб олади. Нимага бундай бўлади? Одамларнинг ушбу ўзига хослигини биз чуқур кўриб чиқмаймиз. Лекин юзаки қараб ўтамиз.
Ижобий мотивация ёки “…ГА” мотивация (бирор нарсага эришиш) узоқ муддатлидир. Пряникни олиш, яъни ой охирида мукофот ва бонуслар олиш
учун ходим ҳар куни бор кучи билан ишлаши керак. Шунда ушбу ҳаракатларининг натижаси сифатида у мукофот олади.
Лекин, афсуски, жуда камчилик одамларгина йўлнинг охирида ўзлари истаган нарсаларига эга бўлиш учун стабил равишда ишлашга қодирлар. Бу бизнинг табиатимизга зиддир. Биз ҳамма нарсани ва ҳозир истаймиз. Ҳатто ҳозир кейин оладиганимиздан анча кам олсак ҳам, барибир, ҳозир керак. Агар кўпроқ дам олиш (ҳозирнинг ўзида қисқа муддатли роҳатланиш) ва кўпроқ ишлаш (ой охирида мукофот олиш) дан бирортасини танлаш керак бўлса, кўпчилик “ҳозир”ни танлашади.
“Мукофот узоқда, бунинг устига унга эришишим ёки эришмаслигим ҳам номаълум. Дам олиш тарзидаги кичкинагина роҳат эса ёнгинамда”. Доимий равишда ишни орқага суриш билан мана шундай дам олишлар натижасида ойнинг ўртасига келиб ходим ушбу ойда умуман мукофот ола олмаслигини тушуниб етади ва: “Ўзимни қийнаб нима қиламан. Ҳозир дам оламан, кейинги ойда ҳаракат қиламан ва ўзимининг прянигимни ишлаб оламан” – дейди. Бир ойдан кейин ушбу ҳолат яна қайтарилиши ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади.
Узоқ муддатли мақсадни амалга ошириш учун ҳар куни куч сарфлаш учун одамдан жуда кўп ирода кучи талаб қилинади. Кўпчилик одамларда бу даражадаги ирода кучи МАВЖУД ЭМАС. Бунинг устига улар уни ривожлантириш учун ҳаракат ҳам қилишмайди.
Мана шунинг учун ҳам салбий мотивация, ўйин қоидасини бузишингиз билан чалинадиган судъянинг хуштаги албатта керак. Ҳар битта хато учун албатта жазо олдиндан белгиланиши ва ёзиб қўйилган бўлиши керак: муддатни ўтказиб юборгани учун бунча, мижоздан сенинг айбинг билан шикоят тушса – бунча, ҳисоботни вақтида топширмаса – бунча жарима солинади ва бошқа.
Бу ижобий мотивация керак эмас дегани эмас. У албатта бўлиши ва ходимларингиз ишларини сифатли, ўз вақтида, тез қилишса қанчалик кўп бонуслар олишлари (фақатгина пул кўринишида эмас) мумкинлигини билишлари ва буни амалда кўришлари ҳам керак. Қадим замонлардан бери пряник ва қамчининг ўзаро бирикмаси энг яхши бошқариш усули эканлиги тан олинган.
Лекин салбий мотивацияда бир қатор ўзига хосликлар мавжуд ва улар ҳақида биз қуйида гаплашамиз.